Coca Cola Суперлига 9-тури доирасидаги “Навбаҳор” – “Металлург” (0:0) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “лочинлар” устози Андрей Канчельскис иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Тўғрисини айтиш керак, ўйин анча асабий руҳда кечди. Мабодо биз биринчи бўлиб, гол урганимизда ғалаба қозонган бўлардик. Аммо буни амалга оширолмадик. Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, рақиб футболчилари оддий ҳолатларда ҳам майдонга ётиб олишди. Бундай ҳолат эса ўйин суръатини тушириб, жозибасини бутунлай йўқотади. Аслида бугун тиббий “Тез ёрдам” вакиллари кўмагига ҳеч қайси футболчи муҳтож бўлмади ва ҳеч ким жароҳат олмади. Лекин меҳмонларда майдонга ётиб олиш ҳолатлари кўп маротаба юз берди. Футбол эса раққосалар ўйини эмас.
Ушбу сўзларим билан ўзимизни оқламоқчи эмасман. Фақатгина шогирдларим рақиб дарвозасини биринчи бўлиб ишғол этишганида, учрашув умуман ўзгача тус олган бўлишини таъкидламоқчиман, холос.
“Навбаҳор”га қарши ҳар бир жамоа ўзгача иштиёқда майдонга тушади. “Металлург”да ҳам бугун жанговар шиддат бор эди ва шу сабабли, меҳмонлар ўзларига керакли натижага эришишди. Нимаям дердим, барчасига ўзимиз айбдормиз ҳамда ушбу баҳсда 2 очко йўқотдик. Шундай бўлса-да, шогирдларимга майдонда бор кучларини бериб ҳаракат қилишгани, иштиёқлари, майдонга ётиб олишмагани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман ва уларга шу боис, ҳурматим баланд.
Жамоамиз 4-3-3 схемасида ҳаракат қилади. Александр Касьянга ҳужум чизиғида Остон Ўрунов ҳамда Аббосжон Ғуломов ёрдам беришади. Шунинг учун таъкидлаш жоизки, биз бир нафар ҳужумчи билан ўйнамаяпмиз.
Аббосжон Ғуломов олдинлари захирадан майдонга тушган бўлса, кейинчалик у асосий таркиб футболчиси эканлигини ўз ўйинлари билан исботлади ва Ғуломов учун хурсандман.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳам жамоамизда гол уриш учун имкониятлар бўлди. Бунга мисол сифатида Александр Касьян ҳамда0 Азимжон Аҳмедов билан юзага келган вазиятни айтиш мумкин.
Футбол 90 дақиқа ўйналади. Шундай экан, гол учрашувнинг биринчи бўлимида уриладими ёки иккинчи бўлимидами, бунинг фарқи йўқ. Асосийси, тўп киритиш.
Жамоамизнинг намойиш этган ўйини ҳамда учрашув натижасидан қониқмадим. Ўтган турда “Пахтакор”га қарши кечган баҳсдан ҳам қониқиш ҳосил қилмагандим.
Мураббий ҳеч қачон жамоасининг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаслиги, доимо ўзига танқид назари билан қараши лозим. Буни мен йигитларга сингдиришга интиляпман. Боиси, ҳар бир кун бу янги кун, ҳар бир ўйин бу янги ўйин. Шогирдларим майдонга ўзгача иштиёқда тушишмаса, натижага эришолмайдилар.
Тўғри, бизга очко ҳаво сингари жуда зарур. Афсуски, бугун 2 очко йўқотдик.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.