Биринчи лига, иккинчи босқич, 4-тур
“Навбаҳор -фарм” – “Яшнобод” – 4:1 (2:0)
Наманган. “Ёш куч” стадиони. 105 томошабин.
Ҳакамлар: Алишер Тўхтасинов, Ҳусниддин Ўролов, Ҳусан Худойбердиев, Исломжон Носиров.
Назоратчи: Анвар Ўринов.
ЎзПФЛ комиссари: Алишер Файзиев.
Голлар: А.Нишонбоев (6), Д.Инамов (14), А.Зокиров (69), Ш.Аббосов (90+1) – Б.Аҳмедов (87).
“Навбаҳор - фарм”: 14. Миржалолбек Маматханов, 36.Шоҳжаҳон Аббосов, 40.Абдулазиз Нишонбоев, 46.Юнус Абдувоҳидов, 51.Абдувоҳид Шарипов (49.Азизбек Зокиров, 55), 56.Музаффар Абдуллаев (48.Жавоҳир Ҳусанов, 61), 58.Илҳом Алибоев (94.Азизбек Жуманов, 73), 60.Омадбек Тоштемиров, 62.Дониёр Инамов (63.Ботиржон Отабоев, 80), 69.Асадбек Лутфуллаев (61.Асадбек Зокиржонов, 67), 71.Бекзоджон Турсунов.
“Яшнобод”: 35.Абдукарим Муҳамедов (16.Сардор Анваров, 84), 3.Ислом Исмоилов, 7.Бекзод Аҳмедов, 9.Муслим Қурбонов (4.Расулхон Раҳмонбердиев,55), 11.Муҳаммад Омоналиев, 14.Муҳаммаджон Ҳусанов, 15.Азамат Бойматов (12.Шертожи Абдуғаниев, 75), 20.Зийнатилло Икромжонов, 22.Амирбек Файзиев, 23.Бекзод Одилжонов, 25. Сардор Тўлабоев.
Биринчи лиганинг иккинчи босқич, 4-туридан ўрин олган баҳсда Рашид Ғофуров мураббийлик қилаётган “Навбаҳор - фарм” жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг “Яшнобод” жамоасини қабул қилди.
Мазкур ўйинда тўлиқ ташаббусга эга бўлган мезбонлар йирик – 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ушбу учрашувда урилган голларга тўхталадиган бўлсак, баҳснинг илк дақиқалариданоқ устунликни ўз қўлларига олишга интилган мезбонларнинг илк ҳужумларидан бирида меҳмонлар ўз жарима майдончалари яқинида фарм-жамоамиз ҳужумчиси Шоҳжаҳон Аббосовга нисбатан қўполлик ишлатишди.
Натижада учрашув бош ҳаками Алишер Тўхтасинов “Яшнобод” дарвозасига жарима зарбаси белгилади.
Чап қанотдан, дарвозадан 16 метрлар чамаси узоқликдан белгиланган жарима зарбасини фарм-клубимиз сардори Абдулазиз Нишонбоев амалга оширди. Тўп рикошет ҳолатида мезбонлар ярим ҳимоячиси Музаффар Абдуллаевга теккан ҳолда, дарвоза тўридан жой олди – 1:0.
Ушбу голдан руҳланган Рашид Ғофуров шогирдлари ҳужумкорликни янада оширишди. Бу эса 14-дақиқада ўз самарасини берди. Жамоадошидан рақиб жарима майдончаси яқинида тўпни қабул қилиб олган Дониёр Инамов коптокни ўзига бўйсундирган ҳолда, 16 метрлар чамаси узоқликдан дарвозани аниқ нишонга олди – 2:0.
Натижада фарм-жамоамиз танаффусга 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетди.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоа таркибида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Учрашувнинг 69-дақиқасида айнан захирадан майдонга туширилган майдон эгалари ҳимоячиси Азизбек Зокиров чап қанотдан рақиб жарима майдончаси ичига ёриб кириб, тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни йириклаштирди – 3:0.
Ўйин якунланишига саноқли дақиқалар қолганида, тошкентликлар ҳисобни қисқартиришди. Меҳмонларнинг навбатдаги қарши ҳужумларидан бирида Бекзод Одилжоновга нисбатан мезбонлар ўз жарима майдончалари яқинида қўполлик ишлатишди. Натижада учрашув бош ҳаками Алишер Тўхтасинов фарм - жамоамиз дарвозасига жарима зарбаси белгилади.
Жарима зарбасини захирадан майдонга туширилган Расулхон Раҳмонбердиев амалга ошириб, тўпни жамоадоши Бекзод Аҳмедовга аниқ етказиб берди. Бекзод эса чап қанотдан жарима майдончаси ичига ёриб кириб, майдон эгалари дарвозасини ишғол этди – 3:1.
Ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтида Рашид Ғофуров шогирдлари ҳисобни яна йирик кўриниш олишини таъминлашди.
Ўша вазиятда мазкур учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Абдулазиз Нишонбоевнинг бурчак зарбасидан сўнг, Шоҳжаҳон Аббосов тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллади - 4:1.
Натижада фарм-жамоамиз йирик – 4:1 ҳисобида зафар қучиб, ўз ҳисобидаги очколарини 6 тага етказиб олди.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.