U-21 Биринчилиги, 26-тур
“Қўқон – 1912 – U-21” – “Навбаҳор – U-21” – 2:3 (1:1)
Қўқон шаҳри. 2-БЎСМ стадиони.
Ҳакамлар: Акмал Раҳимов, Азизбек Исақов, Шоҳруҳ Шокиров, Шаҳбоз Ваҳобжонов.
Назоратчи: Дмитрий Роман.
ЎзПФЛ комиссари: Зоҳирхон Акрамхонов.
Голлар: Д.Абдулҳаев (36-автогол), А.Юнусов (83) – А.Исроилов (31-пен.,), Ҳ.Эргашбоев (50, 68).
“Қўқон-1912 – U-21”:67. Эгамберди Алижонов, 2. Шаҳзод Маъмуржонов, 24.Абдуллоҳ Миркомилов, 25.Барҳаёт Саидаҳмаджонов,29.Рамз Исақов, 31.Иброҳим Мухторов, 34.Бекзод Каримов, 37.Муҳсин Норматов, 39.Сардор Етовқўзиев, 40.Жамшид Қобилов (41.Абдуллажон Юнусов,54), 42.Рустем Асанов (61. Отабек Қодиров, 68).
“Навбаҳор – U-21”:16.Улуғбек Эгамбердиев, 3.Мирзоҳид Мирзамаҳмудов, 17.Абдулҳай Исмоилов (21.Комилжон Тожиддинов, 68), 26.Улуғбек Акназаров, 29.Жамолиддин Баҳромов, 30.Абдужамол Исроилов (32.Қодиржон Икрамов, 62), 38.Достонбек Абдулҳаев, 47.Асилбек Орифжонов (92.Азизбек Хурсанбоев,75), 50.Шерзод Ғуломжонов (95.Жаҳонгир Турсунов, 75), 77.Ҳусайн Эргашбоев (67.Абдурасул Қаюмбаев, 69),96. Ҳусан Ғанижонов.
U-21 Биринчилигининг сўнгги – 26-тур баҳсидан ўрин олган учрашувда Денис Тойменцов ва Алишер Маҳмудов мураббийлик қилаётган “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоаси “Қўқон - 1912” ёшлари меҳмони бўлди.
Мазкур ўйин голларга бой тарзда кечиб, дарвозаларга жами 5 та гол урилди.
Учрашувдаги ҳисобни ёшлар жамоамиз очди. Меҳмонларнинг навбатдаги қарши ҳужумларидан бирида қўқонликлар дарвозабони Эгамберди Алижонов ўз жарима майдончаси ичида ёшлар жамоамизнинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Улуғбек Акназаровга нисбатан қўполлик ишлатди.
Натижада учрашув бош ҳаками Акмал Раҳимов мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. Ўн бир метрли жарима зарбасини эса мазкур ўйинда ёшлар жамоамизни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган Абдужамол Исроилов аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди – 0:1.
Мувозанатни тиклаш мақсадида ҳужумкорликни кучайтирган Азиз Тўхтабоев шогирдлари 36-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Ўша вазиятда ёшлар жамоамиз ҳимоячиси Достон Абдулҳаев рақиб футболчилари босими остида қолиб, кутилмаганда ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди – 1:1.
Натижада жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни фаол тарзда бошлаган Денис Тойменцов шогирдлари 50-дақиқада ёшлар жамоамиз ҳужумчиси Ҳусайн Эргашбоевнинг голидан сўнг, яна ҳисобда олдинга олиб чиқишди – 1:2.
68-дақиқада Ҳусайн Эргашбоев “Қўқон-1912 – U-21” ёшлар дарвозабони Эгамберди Алижонов билан яккама-якка вазиятга чиқиб, ўз имкониятини қўлдан бой бермади ҳамда майдон эгалари дарвозасини иккинчи марта ишғол этиб, ўз “дубл”ини нишонлади ва ҳисобдаги фарқни оширди – 1:3.
Шундан сўнг, учрашувда бурилиш ясаш мақсадида, ҳужумкорликни кучайтирган қўқонликлар захирадан майдонга туширилган Абдуллажон Юнусовнинг голидан сўнг, ҳисобдаги фарқни қисқартиришди – 2:3.
Натижада ёшлар жамоамиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз ҳисобидаги очколари сонини 46 тага етказиб, U-21 Биринчилигининг жорий мавсумида 4-ўринни эгаллади.
Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор – U-21” ёшлар жамоасида бу йил анча ўсиш юз берди.
Денис Тойменцов шогирдлари U-21 Биринчилигининг бу йил Наманганда ўтказилган баҳсларида умуман ютқазишмади.
Аксинча, ёшларимиз U-21 Биринчилигининг жорий мавсумида совриндорлар сафидан ўрин олган “Пахтакор” (14-тур, 2:0) ҳамда “Насаф” (17-тур, 3:2) клубларининг ёшлар жамоаларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлишди.
Шунингдек, U-21 Биринчилигининг Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган тўртта учрашувидан учтасида ғалаба қозонишди.
Бундан ташқари, бу йил U-21 ёшлар жамоамиздаги бир қатор футболчилар, жумладан, Ҳусайн Эргашбоев, Шерзод Ғуломжонов, Достон Абдулҳаев ва Мирзоҳид Мирзамаҳмудов “Навбаҳор”нинг асосий таркибида ўз дебютларини нишонлашди.
Айтиш жоизки, ёшлар жамоамиз аъзолари - Исломжон Абдуллахонов, Содиқжон Ортиқов ва Улуғбек Акназаров Тимур Кападзе мураббийлик қилаётган Ўзбекистон – U-19 ёшлар терма жамоасига номзод ҳисобланишади.
Акназаров ушбу терма жамоанинг сўнгги ўқув-машғулот йиғинлари, жумладан, Тожикистондаги йиғинида ҳам иштирок этди.
Албатта, ёшлар жамоамизнинг мазкур муваффақиятларида ёшларимиз учун барча шароитларни яратиб бераётган Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, “Навбаҳор” ПФК раҳбарияти, жумладан, клуб вице-президенти Отабек Арифович Саматов, жамоа мураббийлар штаби - Денис Тойменцов, Алишер Маҳмудов ҳамда Равиль Галеев, шунингдек, маҳоратли футболчиларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор.
Фурсатдан фойдаланиб, таъкидлаш лозимки, вилоятимиз раҳбари Шавкат Абдураззоқовнинг ташаббуси билан “Навбаҳор”нинг фарм ва ёшлар жамоалари учун собиқ “Спорт” меҳмонхонасида қароргоҳ (база) ташкил этиладиган бўлди ҳамда бу фарм ва ёшлар жамоаларимизга қўшимча руҳ ҳамда куч-қувват бағишлайди, деган умиддамиз.
Шундай экан, умид қиламизки, ёшлар жамоамиз келаси мавсумда совриндорлар сафидан жой олади.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.