Хабар берганимиздек, бугун Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида “Навбаҳор”нинг тақдимот маросими ўтказилди ва унда жамоамиз таркибига янги қўшилган футболчилар таништирилиб, “лочинлар”нинг бўлажак мавсум давомида фойдаланадиган футболкалари тақдимоти ўтказилди.
“Навбаҳор” сафига қишки трансфер “ойнаси” пайтида қўшилган янги ўйинчилар қаторидан маҳоратли ярим ҳимоячи Остон Ўрунов ҳам ўрин олди ва у янги мавсумда 7-рақам остида ўйнайдиган бўлди.
Ўруновни яқиндан таништирадиган бўлсак, у 2000 йилда Навоий шаҳрида туғилган. “Пахтакор” футбол мактаби тарбияланувчиси ва “шерлар”нинг турли ёшдаги жамоаларида ўйнаган.
2017 йилнинг 2-даврасида “Навбаҳор” таркибига қўшилган Остон Ўрунов айнан “лочинлар” таркибида 2017 йилнинг 21 сентябрида Суперлига (олий лига)да дебют қилган.
Ўрунов жамоамиз таркибида 2017 - 2019 йиллар мавсуми давомида тўп тепиб, “Навбаҳор” таркибида 42 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган. 2019 йилнинг 2-даврасини “Локомотив” (Тошкент)да ўтказган маҳоратли ярим ҳимоячи 2020 йили Россияга йўл олади ҳамда мазкур мамлакатнинг “Уфа” (Уфа), “Спартак” (Москва), “Урал” (Екатеринбург) жамоаларида фаолият юритади. Ўтган йилги мавсумни эса “Урал” сафида ўтказган.
Шунингдек, Остон Ўрунов футболчилик фаолияти давомида Ўзбекистоннинг турли терма жамоаларида тўп тепган ва 2019 йилдан буён миллий терма жамоамизга номзод футболчи саналади. Ўрунов терма жамоамизда 9 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урган.
Остон Ўруновнинг янги мавсумда жамоамиз таркибида ёрқин ўйинлар намойиш этиб, “лочинлар”нинг зафарларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига тилакдошмиз.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.